Қирғизистон терма жамоаси тор-мор этилди!
Учрашув ҳар икки жамоанинг ҳужумлари билан бошланди. Лекин рақиб ўнинчи дақиқадан кейин устунликни вакилларимиз қўлига топшириб қўйди. Унгача меҳмонлар томонидан берилган бир зарбани Нестеров қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Вадим Абрамов шогирдлари эса, 20 дақиқа ичида тўрт марта Волков дарвозаси олдида хавфли вазиятни юзага келтирди. Лекин Гейнрих, Бикмаевга омад етишмади. Бир вазиятда Жепаровнинг жаримадан йўллаган зарбасини дарвоза устуни қайтарди. Босимни оширган вакилларимиз танаффусга йирик ҳисобдаги ғалаба билан чиқиб кетишлари мумкин эди, аммо футболчиларимиздан омад очиқчасига юз ўгирди. Чунки ҳар доим бизни қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетадиган Гейнрих яқин масофадан бўш қолган дарвозани нишонга ола билмади. Сервернинг ажойиб зарбасини яна устун қайтарди. Лекин барибир вакилларимиз биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Андреевнинг чап қанотдан етказиб берган тўпини Саша голга айлантирди – 1:0.
Голдан кейин майдонда бироз сокинлик юзага келди. Бироқ бу узоққа чўзилгани йўқ. Устунликни ўз қўлида ушлаб турган вакилларимиз 44–дақиқада жуда қулай имкониятни кўкка совуришди. Карпенкони ўнг қанотдан етказиб берган тўпини дарвозага йўллаш чоғида Гейнрихга озгина айёрлик етишмади. Шу тариқа биринчи бўлим терма жамоамизнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам футболчиларимизнинг устунлигида бошланди. Натижада ўн дақиқа оралиғида ҳисоб 3:0 кўринишини олди. Аввалига Бикмаев жарима майдони ичига кирар-кирмас дарвоза томон ажойиб зарба йўллади. Олдинга чиқиб кетган Волков узоқ бурчагидан тўп олиб чиқди – 2:0. Орадан кўп ўтмай Жепаров мухлисларимизни хушнуд қилди. Чиройли комбинациядан кейин меҳмонлар дарвозаси учинчи бор ишғол қилинди. Захирадан майдонга тушган Насимов ва Бақоев ўйинни кучайтиришдик-ку, лекин уларга ҳужумларни якунлаш борасида аниқлик етишмади. Аммо Бақоев барибир майдонни голсиз тарк этгани йўқ. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Улуғбек ўзининг услуби бўйича ҳисобни 4:0 кўринишига олиб келди. Гейнрихнинг жарима зарбасидан етказиб берган тўпини Бақоев бош билан дарвозага йўллади. Бу учрашувдаги сўнгги гол бўлди.
ЖЧ-2014. ИККИНЧИ САРАЛАШ БОСҚИЧИ
Дастлабки ўйин. 23 июль. Тошкент. соат 19:00.
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 4:0 (1:0)
Бош ҳакам: Абдуллоҳ ал Балуший (Қатар)
Голлар: Александр Гейнрих 28, Марат Бикмаев 48, Сервер Жепаров 56, Улуғбек Бақоев 90+2
ЎЗБЕКИСТОН: Игнатий Нестеров, Шавкат Маллажонов, Азизбек Ҳайдаров, Сервер Жепаров (Баходир Насимов 66), Станислав Андреев, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев (Улуғбек Бақоев 57), Темур Кападзе, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Виктор Карпенко (Жавлон Иброхимов 76).
Бош мураббий: Вадим Абрамов
ҚИРҒИЗИСТОН: Владислав Волков (Руслан Амиров 74), Даврон Асқаров, Азамат Бойматов, Курсанбек Шератов, Азиз Сиддиқов, Анатолий Власичев, Валерий Кичин (Шухрат Рахмонов 60), Мирлан Мурзаев (Владимир Хорошунов 72), Қаюмжон Шарипов, Марат Ажиниязов, Веньямин Шумейко
Бош мураббий: Мурат Жумакеев
Огохлантиришлар: Азамат Бойматов 13, Даврон Асқаров 26, Веньямин Шумейко 37, Марат Ажиниязов 65.
Ўзбекистон - Қирғизистон 4:0 + (видео)
Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги дастлабки учрашувда вакилларимиз йирик ҳисобда ғалаба қозонишди. Ўйиннинг 28-дақиқасида Андреевнинг пасидан сўнг Гейнрих тўп киритиб ҳисобни очди – 1:0. Биринчи бўлим давомида Жепаровнинг ўзи икки марта дарвоза устунини нишонга олди. Иккинчи бўлим бошида, аниқроғи 48-дақиқада Кападзенинг майдон марказидан етказиб берган пасидан сўнг Бикмаев чап оёғидан жарима майдонига кириб дарвозабоннинг узок бурчагини аниқ нишонга олди – 2:0. Олти дақиқа ўтгач Гейнрих-Карпенко-Кападзе комбинациясини жамоамиз сардори кучли зарба билан ҳисобни йирик кўринишга келтирб қўйди – 3:0. 90+2 дақиқада Гейнрихнинг ҳаволатиб берган пасини Бақоев боши билан дарвозани аниқ нишонга олди – 4:0.
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 4:0 (1:0)
Голлар: Александр Гейнрих 28, Марат Бикмаев 48, Сервер Жепаров 56, Улуғбек Бақоев 90+2