Тамаки ўсимлиги аслида Шимолий ва Жанубий Америка қитъасида ўсиб, маҳаллий аҳоли томонидан узоқ асрлар давомида истеъмол қилиниб келинар эди. 15 асрда Христофор Колумб Америка қитъасини очиши билан бу ўсимлик Оврўпага ҳам кириб келди ва жуда кенг миқёсда тарқалди. 17 асрга келиб тамаки шунчалик машхур эдики хатто баъзи ерларда бу ўсимлик пул ўрнида ҳам ишлатила бошлади. Мана шу даврда тамаки чекиш одати Усмонийлар Империясига кириб келди ва аста секинлик билан мусулмон диёрлари бўйлаб тарқала бошлади.
Маълумки исломда ҳар бир нарса маълум бир ҳукмда бўлади, шунинг учун ўша давр олимлари тамакининг ҳукми борасида Китоб ва Суннатга мурожат қиладилар. Шариатда Китоб ва Суннатда аниқ ҳаром қилинмаган ёки инсон соғлиғига зарари аниқ исботланмаган ҳар қандай егулик, таом, ичкилик ва ҳоказолар ҳалол. Лекин тамаки ҳақида оят ва ҳадисларда сўз кетмаган, шунинг учун ўша давр олимлари аввало тамакининг инсон соғлиғиғи ҳамда жамиятга таъсирини ўргана бошладилар. 17 асрларда медицина ҳали тараққий этмагани сабабли олимлар тамаки чекишдан ягона салбий асоратни кўрдилар, у ҳам бўлса кашанданинг оғзидан келувчи бадбўй ҳид эди.
Шунга кўра олимлар тамакини макруҳ деб ҳукм қилдилар. Бунга қуйидаги (ва шунга ўхшаш бошқа) ҳадисларни далил қилдилар:
Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Саримсоқ ва пиёз (ни ҳом) еган киши биздан ва масжидимиздан узоқ турсин ва уйида ўтирсин». (Имом Муслим ривояти)
«Умар розияллоҳу анҳу ўз хутбаларида: «Эй, одамлар! Сизлар икки хил нарсани ейсизлар. Мен у иккисини, албатта, яхшимас нарса деб биламан; пиёз ва саримсоқ пиёз. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси бир одамда уларнинг ҳидини топсалар, уни амр қилиб, Бақеъга чиқартириб юборар эдилар. Бас, ким у иккисини ейдиган бўлса пишириб, ўлдириб есин», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Яъни юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики саримсоқ ва пиёз еб кишиларга озор бериш буткул ҳаром эмас, балки макруҳ. Ҳудди шу каби ўша даврда ҳам тамаки харом эмас балки макруҳ-танзихий (яъни тарк қилган савоб олади, қилган эса гуноҳкор бўлмайди) деб ҳукм қилинди.
Орадан кўп вақт ўтди, медицина ривожланди. Тамакининг зарарлари аста секинлик билан маълум бўла бошлади. 20 асрда тамаки ишлаб чиқарувчи корхоналар ва олимлар орасида катта “тўқнашувлар” юз берди. Бир тарафдан олимлар тамакининг салбий таъсирлари ҳақида илмий изланишлар олиб борсалар, иккинчи тарафдан тамаки ишлаб чиқарувчилар тамакининг фойдалари ҳақида мақолалар нашр қилар эдилар. Бу тўқнашувилар 1980 йилларда олимларнинг ғалабаси билан якун топди. Бутун дунё олимлари тамакининг нафақат кашанданинг балки кашанда атрофидаги одамларнинг ҳам соғлиғига катта зарарлар етказишига бир овоздан иттифоқ қилдилар.
Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботларига кўра 2004 йилда 5.4 миллион одам тамаки чекиш туфали ҳалок бўлган (бу шу йилда вафот топганларнинг деярли 10%), 2007 йилда бу кўрсаткич 4.9 миллионни ташкил қилган. Булардан 70% ривожланаётган давлатларда тўғри келади. Умуман олганда эса 20 аср давомида таҳминан 100 миллион одам тамаки чекиш асоратлари натижасида вафот топган.
Тамакининг зарарларини тушуниб етган ғарб мамлакатларида бу иллатга қарши кураш олиб борилмоқда. Статистик маълумотларга кўра 1965 йилдан 2006 йилга қадар АҚШда кашандалар сони 2 баробар камайган (42% дан 20.8% га). Ҳозирги кунда ҳам 1.2 миллиард кашандаларнинг 1 миллиарди қолоқ ёки ривожланаётган давлатлар аҳолисини ташкил қилади. Ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.
Тамаки чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар сони ҳам кундан кун тобора кўпаймоқда. Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ер юзидаги олдини олиш мумкин бўлган ўлим сабаблари орасида тамаки чекиш биринчи ўринда турар экан. Тамаки биринчи навбатда кишининг ўпка ва юрак аъзоларига қаттиқ салбий таъсир қилади. Кашандалар ўпка раки, оғиз бўшлиғи раки ҳамда юрак ҳасталикларига таъсирчан бўладилар.
Тамаки таркибидаги карциоген пиролетик моддалар кишининг ДНКсига ва оқибатда эса унинг насабига ҳам салбий таъсир ўтказади. Изланишлар шуни кўрсатадики кашанданинг насаби орасида ўпка раки эҳтимоллиги 30-80% ни ташкил қилади. Тамаки тутуни ҳомиланинг тушиб қолиши хатарини оширади ҳамда фарзандларнинг ақлий сустлигига сабаб бўлади. Шунингдек кашандалар орасида эркаклик қувватсизлиги (импотенция)нинг пайдо бўлиш хавфи 85% га кўпроқ. Шунингдек кашандалар атрофидаги кишилар орасида ҳам юрак хасталиклари 25-30% га, рак касаллиги эса 20-30% га кўпроқ.
Юқоридагилардан ҳулоса қилган ҳолда 20 аср уламолари тамакини харом деб ҳукм қилдилар, ва бунга Қуръон ва ҳадисдан кўплаб даллилар келтирдилар:
Аллоҳ таоло деди: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманглар! Аллоҳ сизлар учун рахмлидир». (Нисо: 29)
“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара, 195).
Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Ўзига зарар бериш ҳам йўқ бошқага зарар бериш ҳам йўқдир», дедилар. ( «Сахихул- Жомеъ»: 17393)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарларни мангу ичади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Яъни олимлар тамакини нафақат харом дедилар, балки тамаки туфайли ҳасаталаниб вафот бўлган кишини ўз жонига суиқасд қилишлик билан тенглаштирдилар. Сабаби тамаки бу заҳар (АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига ҳизмат кўрсатиш ташкилотининг маълумотларига кўра АҚШда ишлаб чиқарилувчи тамаки маҳсулотининг таркибида 599 ҳил моддалар мавжуд бўлиб, улардан аксари заҳарлидир).
Шариатда ўз жонига суиқасд қилиш вақт билан чегараланган эмас, яъни агар киши кунига бир томчидан заҳар ичса ва бир йилдан сўнг киши баданида йиғилган заҳар бу кишининг ўлимига сабаб бўлса унинг ҳукми ҳудди бир пиёла заҳарни ичиб бирданига ўлган киши билан баробар бўлади. Ҳудди шу каби тамаки таркибидаги заҳарли моддалар ҳам йиғилиб кишининг ҳасталигига ва оҳир оқибатда ўлимига сабаб бўлса бу киши ҳам ўз жонига суиқасд қилган ҳисобида бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, Биз уни дўзаҳга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир” (Нисо, 29-30).
Ҳамда юқорида айтилгани каби киши чекиш билан фақат ўзигагина эмас балки ён-атрофдагиларнинг ҳам соғлиғига салбий таъсир ўтказади. Бу эса унданда оғирроқ гуноҳдир.
Расулуллох соллаллоҳу алайхи ва саллам дедилар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир». (Имом Бухорий ривояти)
Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган кимса қўшнисига озор бермасин». (Имом Бухорий ривояти)